23-24 майда Тошкентда ШҲТ ТИВК йиғилиши бўлиб ўтади

Дата: 15:25, 13-05-2016.

Тошкент. 13 май. ЎзТАГ – 23-24 майда Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши (ШҲТ ТИВК) йиғилиши бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

РФ ТИВ сайтидаги маълумотга кўра, учрашувда ШҲТ саммитига тайёргарлик масалалалари муҳокама қилинади. Маълумки, мазкур саммит 23-24 июнда Тошкентда бўлиб ўтади.

“Ташқи сиёсий муассаса раҳбарлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашига чиқариладиган хужжат ва қарорлар лойиҳаларини муҳокама қилишни режалаштирмоқдалар. Хусусан, гап ШҲТ 15 йиллигига бағишланган Тошкент декларацияси, ШҲТ 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2016-2020 йилги Ҳаракатлар режаси, шунингдек, терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик, ноқонуний наркотиклар айланмасига қарши биргаликда кураш масалалари ҳақида кетмоқла”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, давлат раҳбарларининг 2015 йил Уфада қабул қилган қарорлари доирасида вазирлар ташкилотга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш тартибини кўриб чиқадилар.

Йиғилиш якунлари бўйича Ахборот хабарини қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, ҳозирда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига олти давлат: Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Беларусь, Монголия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Яна олти давлат (Озарбайжон, Арманистон, Камбожа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка) ташкилотда мулоқот бўйича ҳамкорлар мақомига эга.

Жорий йилда Ўзбекистон ШҲТда раислик қилмоқда. ШҲТ Хавфсизлик кенгашлари котибларининг бундан олдинги, 10-учрашуви Москвада Россия раислиги доирасида ўтказилган эди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: