24-ҳафта бошига келиб Марказий банк миллий валютанинг долларга нисбатан курсини 4,51 сўмга пасайтирди

Дата: 12:56, 07-06-2016.

Тошкент. 7 июн. ЎзТАГ – Жорий йилнинг 24-ҳафтаси бошига келиб Ўзбекистон Марказий банки (МБ) миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан курсини 4,51 сўмга (2929,14) пасайтирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Йил бошидан бери банк назоратчиси миллий валюта курсини аста-секин пасайтирмоқда: агар 5 январдан сўм 6,49 сўмга “тушган” бўлса, 12 январдан 4,96 сўмга, 19 январдан 5,05 сўмга, 26 январдан 5,01 сўмга, 2 февралдан 5,38, 9 февралдан 4,73 сўмга, 16 февралдан 5,03 сўмга, 23 февралдан 5,02 сўмга, 1 мартдан 4,99 сўмга, 10 мартдан миллий валюта курси 5,04 сўмга, 15 мартдан 5,07 сўмга, 22 мартдан 5,02 сўмга, 29 мартдан 4,95 сўмга, 5 апрелдан 5,96 сўмга, 12 апрелдан 5,71 сўмга, 19 апрелдан 5,53 сўмга, 26 апрелдан 5,32 сўмга, 3 майдан 5,43 сўмга, 11 майдан 4,57 сўмга, 17 майдан 4,85 сўмга, 24 майдан 5,25 сўмга, 31 майдан 5,28 сўмга, 7 июндан 4,51 сўмга ($1га 2929,14 сўм) “тушди”.

2015 йил октябри бошидан бери МБ сўм курсини 14 ва 15 сўм орасида ҳар ҳафта пасайтирмоқда. Хусусан, сўм курси 6 октябрда 14,08 сўмга, 13 октябрда 14,14 сўмга, 20 октябрда 14,23 сўмга, 27 октябрда 14,3 сўмга, 3 ноябрда 14,38 сўмга, 10 ноябрда 14,46 сўмга, 17 ноябрда 14,53 сўмга, 24 ноябрда 14,62 сўмга, 1 декабрда 14,69 сўмга, 10 декабрда 14,77 сўмга, 15 декабрда 14,85 сўмга, 22 декабрдан 14,93 сўмга, 29 декабрдан 15 сўмга “пасайган” эди.

Ёзнинг илк ҳафтаси, жорий йил бошидан бери ўтган вақт бизнес ва Ўзбекистон аҳолиси учун яна истиробли кутиш билан ўтмоқда. Тўғри, назоратчи ўз мантиғига таянган ҳолда ҳаракат қилмоқда. Лекин ҳеч бўлмаса ёз охири ёки 2016 йил қишида қандай ҳолат кузатилиши мумкинлиги ҳақида ҳеч нима демаяпти.

Агар МБ мантиғидан келиб чиқсак, хомаки ҳисоб китобларга кўра яна 14-15 ҳафтадан кейин миллий валюта $1 3000 сўмга тенг бўлган психологик чизиқдан ўтади. Агар шундай бўлса, бизнес бу ҳолатни ўзининг қисқа ва узоқ муддатли режаларида ҳисобга олиши мумкин. Агар бундай бўлмасачи? Унда бизнес юритиш, инвестицияларни ҳисоблаш ва олиш мумкин бўлган фойдани аниқлаш жуда мураккаблашади.

DollarUz.com сайтидан олинган маълумотларга кўра, 31 майда $1 эвазига 6100 сўм таклиф этилаётган бўлса, 7 июнда 6020 сўм берилмоқда.

 Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Марказий банки миллий валюта курсини ҳар сешанба куни белгилайди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: