26-28 майда Бухорода XVI “Ипак ва зираворлар” фестивали бўлиб ўтади
Тошкент. 16 май. ЎзТАГ – 26-28 майда Бухорода XVI “Ипак ва зираворлар” фестивали бўлиб ўтади, деб хабар қилади Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмтаси матбуот хизмати.
“Фестивал доирасида турли тадбирлар ўтказилади. Шаҳарнинг тарихий қисида жойлашган озиқ-овқат ярмаркасида республика ва хорижлик зираворчилар ҳамда тадбиркорлар ўз маҳсулотларини намойиш қиладилар”, - дейилади қўмита хабарида.
Уста-ҳунармандлар (зардўзлик, кандакорлик, кулолчилик, миниатюра санъати, темирчилик, гилам ва атлас тўқиш, каштачилик ва бошқ.) томонидан маҳорат дарслари ўтказилиб, миллий ҳунармандчилик устахоналари иши намойиш қилинади. Шунингдек, халқ ўйинлари – хўрозлар жанги ва дорбозлик томошалари ҳам бўлиб ўтади.
Бундан ташқари, “Камолот” ЁИҲ ва “Ҳунарманд” уюшмаси ёш дизайнерларнинг атлас ва адрасдан тикилган либослари намойишини ҳам ўтказади.
Шунингдек, турли вилоятларнинг фольклор жамоалари чиқишлари ва таниқли ва ёш истеъдодли санъаткорлари ижросидаги гала концерт ҳам ташкил қилинади.
Тадбир Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Бухоро вилояти ҳокимияти томонидан ташкил этилган.