29 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари томонидан Минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинади

Дата: 14:35, 22-11-2019.

Тошкент. 22 ноябрь. ЎзТАГ – 29 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё (МО) давлатлари раҳбарлари томонидан Минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"2019 йил 29 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Саммитнинг кун тартибига сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари киритилган", - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Томонлар, шунингдек, халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш юзасидан ҳам фикр алмашадилар.

Учрашув натижаларига кўра, якуний ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда.

2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг (БА) 72-сессиясида Ўзбекистон президенти томонидан минтақа давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси илгари сурилди. Биринчи саммит ўтган йилнинг март ойида Нур-Султон шаҳрида (Қозоғистон) бўлиб ўтди.

Сурат манбаи: ca-news.org

Янгилик билан ўртоқлашиш: