400 атрофида маҳаллий ва хорижий журналистлар ШҲТнинг Тошкентдаги саммитини ёритади

Дата: 18:29, 21-06-2016.

Тошкент. 21 июн. ЎзТАГ – 400 атрофида маҳаллий ва хорижий журналистлар Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги саммитини ёритади, деб хабар қилади ЎзТАГ.
Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, ШҲТ саммитини ёритишда Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон, Беларусь, Эрон, Мўғулистон ва бошқа давлатлар оммавий ахборот воситаларидан 200га яқин вакил, шунингдек, Ўзбекистондан қарийб 200 нафар журналист қатнашади.
Таъкидланишича, саммит матбуот маркази “Ўзэкспомарказ” кўргазма маркази павильонларидан бирида жойлашиб, 1 минг кв. метрни эгаллайди. Марказ электрон стенд, компьютер, принтерлар ва бошқа кўпфункционал қурилмалар, телефонлар билан жиҳозланган. Шунингдек, юқори тезликдаги Wi-Fi ва симли тизимлар орқали интернетга уланиш имконияти мавжуд бўлади.
Эслатиб ўтамизки, 23-24 июнда Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов раислигида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг 15-юбилей мажлиси бўлиб ўтади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо. Афғонистон, Беларусь, Мўғилистон ва Эрон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Туркия, Шри-Ланка, Озарбайжон, Арманистон, Камбожа ва Непал ташкилотда мулоқот бўйича ҳамкордирлар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: