5 йил давомида Автотранспорт таъминотини ривожлантириш дастурига 840 млрд сўм ажратилади

Дата: 15:02, 12-01-2017.

Тошкент. 12 январ. ЎзТАГ – 5 йил давомида – 2017-2021 йиллар оралиғида Автотранспорт таъминотини ривожлантириш дастурига лизинг компанияларининг маблағлари, тижорат банклари кредитлари, хусусий инвесторларнинг ўз маблағлари, шунингдек, маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига 840 млрд сўмдан зиёд пул ажратилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). 

Ушбу давр мобайнида 303 та янги йўловчи ташиш йўналиши очилади, улардан 240 тасини (79,2%) қишлоқ жойлардан ўтадиган шаҳарлараро қатнов жойларида очиш режалаштирилмоқда. Янги йўналишлар очиш билан биргаликда, асосан автобуслар етишмаслиги туфайли қатнов тўхтатилган йўналишлар қайтадан тикланади. 

Дастур доирасида Ўзбекистон 8600 та йўловчи ташиш автомобили, шу жумладан, 5700 та умумий фойдаланишга қулай микроавтобуслар сотиб олишни режалаштирган. Шунингдек, намунавий лойиҳалар бўйича автостанциялар қурилади.

Эслатиб ўтамизки, 10 январ куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. 

Мамлакат раҳбари 2017-2021 йилларда шаҳарлар ва қишлоқларда автотранспорт хизматларини янада ривожлантириш дастурини тасдиқлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: