5 йилда БМТ Ўзбекистондаги тадбирларга $162 млн сарфлади
Тошкент. 25 октябр. ЎзТАГ – 2010-2015 йилларда Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) Ўзбекистондаги тадбирларни молиялаштиришга $162 млн сарфлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). Бу ишлар ташкилотнинг Тараққиётга кўмак дастури (ЮНДАФ) билан кўзда тутилган.
Ушбу маълумотлар Тошкентда БМТ кунига бағишланган тадбирда келтириб ўтилди.
Таъкидланишича, лойиҳалар ва дастурлар бандлик, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг иқтисодий хавфсизлигини, таълим, соғлиқни сақлаш хизматларининг сифатини ошириш, табиий ва маданий ресурсларни оқилона ишлатиш, адлия тизимига мурожаат қилиш йўлларини соддалаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган.
“Лекин грант молиялаштируви - бу асосийси эмас, энг асосийси биз бошқа мамлакатларда бўлган тажрибаларни, ривожланиш жараёнларини тезлаштирувчи тавсиф ва маслаҳатларни ҳам олиб келмоқдамиз”, - деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер.
Унинг сўзларига кўра, 2016 йилда БМТнинг Ўзбекистондаги тизими 2016-2020 йилларга мўлжалланган ЮНДАФ доирасида иқтисодий фаровонлик, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳит муҳофазаси ва самарали бошқарув соҳаларида икки йиллик режаларни амалга оширишга киришди.