5 йилда кимё тармоғида $3,1 млрдлик 43 инвестицион лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган

Дата: 13:33, 29-12-2017.

Тошкент. 29 декабр. ЎзТАГ – 5 йилда кимё тармоғида $3,1 млрдлик  43 инвестицион лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, бу ҳақида 28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кимё саноати корхоналарининг молиявий-иқтисодий ҳолати ва соҳани ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда гапириб ўтилди.

 “Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 августдаги қарори асосида 2017-2021 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури қабул қилинди. Унда умумий қиймати 3,1 миллиард долларга тенг 43 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, саноат маҳсулотлари ҳажмини 2,4 марта, экспортни 2,7 баробар ошириш, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар улушини 42,5 фоизга етказиш ҳамда 43 та янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, 3,2 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

 Тармоқнинг экспорт-импорт фаолиятини тартибга солиш, ташқи савдо жараёнлари шаффофлигини таъминлаш, энг асосийси, ташқи бозорларда кимё маҳсулотларини сотиш ҳажмини ва географиясини кенгайтириш, рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини янада оширишни таъминлаш мақсадида “Ўзкимёимпэкс” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилгани таъкидланди.

Сурат манбаи: https://phototimes.ru/image/12852155/

Янгилик билан ўртоқлашиш: