5 йилда Ўзбекистонда 2,1 млндан зиёд ҳомиладор аёллар текширувдан ўтказилди

Дата: 17:02, 26-12-2017.

Тошкент. 26 декабр. ЎзТАГ – 2013-2017 йилларда соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини даражасида 2,1 миллиондан ортиқ ҳомиладор аёл текширилди, уларнинг 65 минг нафарида ҳомила ривожланишининг туғма нуқсонлари аниқланиши муносабати билан ҳомиладорлик тўхтатилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Скрининг марказларида 1,1 миллиондан ортиқ ҳомиладор аёл туғишгача бўлган давр текширувидан ўтказилди. Улардан ҳомиладорлик даври патологик кечган 210 минг нафардан ортиқ аёл дори-дармонлар билан даволанди. Умуман олганда, ҳомиладор аёлларни туғишдан олдин текшириш натижасида 21 минг нафардан ортиқ ривожланишида туғма нуқсонлар ва ирсий касалликлар бўлган бола туғилишининг олдини олиш имконини берди”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарорининг шарҳида.

Бундан ташқари, 1,7 миллиондан ортиқ чақалоқлар гипотиреоз ва фенилкетонурия (туғма ва ирсий касалликлар) юзасидан текширилди. Ҳозирги вақтда 1407 нафар бемор диспансер назорати остида турибди, шундан кейинчалик ногиронликка олиб келиши мумкин бўлган прогрессив касалликларнинг олдини олиш мақсадида туғма гипотиреозга чалинган 1117 нафар бола доимий равишда бепул дори-дармонлар билан, 290 нафар фенилкетонурияга чалинган бола даволайдиган озиқ-овқат билан таъминланган.

Шарҳда қайд этилишича, амалга оширилаётган тадбирлар натижасида туғма аномалияли болалар туғилишининг интенсив кўрсаткичи 2000 йилга нисбатан 1,8 бараварга камайди.

Эслатиб ўтамизки, 25 декабрда Ўзбекистон Президенти 2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастурини тасдиқлади.

Дастур қиймати $31 млн ва 90 млн сўм атрофидани ташкил этади.

$1=8120,07 сўм

Сурат манбаи: https://mediakuzbass.ru/news/obshhestvo/86520.html#/news-text

Янгилик билан ўртоқлашиш: