50 ёшли марафончи Самарқанддан Тошкентга югуриб борди

Дата: 18:42, 28-08-2017.

Тошкент. 28 август. ЎзТАГ – Самарқандлик 50 ёшли уста Шокир Аҳроров Самарқанддан Тошкентга якка ўзи югуриб борди ва бу ишни Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлади, деб ёзади Sputnik Узбекистан.

Спортчи Самарқанддан пойтахтга 5 кунда чопиб борган.

“Югуришим 22 августда Регистон майдонидан бошланди, 27 августда эса мен Тошкентга етиб келдим. Асосан тонг ёриши билан йўлга чиқиб, кучим тугагунча югурдим. Ўртача кунига 65 километрдан чопиб ўтдим. Тўғри келган жойда тунадим, лекин айтишим керакки, мени ҳамма жойда очиқкўнгил кишилар кутиб олишди”, - дея ўртоқлашди таассуротлари билан Аҳроров.

Шунингдек, у бу ўзининг илк ютуғи эмаслигини айтиб ўтди. Бундан олдин у Ўзбекистон бўйлаб велосипедда саёҳатга чиққан ва Тошкент, Самарқанд, Термиз, Қўқонни айланиб чиққан.

“Менга ёрдамлашган барча миннатдорли билдирмоқчиман. Бугунги ютуғимни эса республика мустақиллигининг 26 йиллиги ва Ўзбекистоннинг биринчи президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишлайман”, - деди марафончи.

Эндиликда Шокир Аҳроров велосипедда Парижгача бормоқчи. Сафар режаси тайёр, энди фақат йўлга чиқиш қолди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: