6 июлда ўзбекистонлик Руслан Чагаев пуэрториколик Фрес Окендо билан WBA версиясида жаҳон чемпиони мақоми учун жанг қилади

Дата: 17:51, 20-06-2014.

Тошкент. 20 июн. ЎзТАГ – 6 июлда Грозний шаҳридаги (Россия) “Ахмат Арена”да WBA версияси бўйича супероғир вазнда (90,7 кгдан ошиқ) ўзбекистонлик Руслан Чагаев (32-2-1, 20 КО) ва пуэрториколик Фрес Окендо (37-7, 24 КО) жангга тушади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Асосий жангга қадар мухлисларни WBC йўналиши бўйича оғир вазнда собиқ жаҳон чемпиони Хуан Карлос Гомес (54-3, 39 КО) ҳамда ҳали енгилмаган 40 ёшли Босния ва Герцеговина вакили Горан Делич (24-0, 4 КО) ўртасидаги 12 раундлик жанг овунтириб туради.
Шунингдек, учрашув олдидан 25 ёшли оғир вазнли немис боксчиси Эдмунд Гербернинг (23-2, 14 KO) мексикалик Висенте Сандес (13-3, 9 КО) билан жанги ҳам бўлиб ўтади.
Чагаев WBA версияси бўйича чемпионлик камарини 2007 йил апрелида россиялик Николай Валуевни енгганидан кейин олган эди. Владимир Кличко (IBF и WBO) билан жанг олдидан WBA бирлаштирувчи жангни таъқиқлаб, ундан камарни олиб қўйди.
Умуман, Чагаев таниқли боксчи Феликс Савонни халқаро мусобақаларда икки марта енгган ягона хорижий спортчи бўлганлиги билан ном чиқарган.
Эслатиб ўтамизки, юқоридаги жанг 2014 йилнинг 7 июнида бўлиши керак эди, лекин ташкилий сабабларга кўра кейинга сурилди.
2013 йил 5 октябрда эса Чагаев Москвада 12-раундлик жангда Сербиялик Йово Пударни енгган эди. Унинг энг кейинги ўтказган жанги ана шу.

Янгилик билан ўртоқлашиш: