7 март куни футбол бўйича Ўзбекистон суперкубоги эгаси аниқланади
Тошкент. 3 март. ЎзТАГ – 7 март куни Тошкентдаги “Жар” стадионида футбол бўйича Ўзбекистон Суперкубоги учун ҳал қилуви ўйин бўлиб ўтади дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўйинда мамлакат чемпиони “Бунёдкор” ва вице-чемпион «Локомотив» жамоалари учрашади. Мезбон мақомида майдонга тушадиган «Локомотив» қизил кийимда, “Бунёдкор” эса – оқ кийимда ўйнайди”. Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот хизмати қайд этишича, дуранг натижа бўлган ҳолда жамоалар қўшимча вақтсиз бирданига пенальти тепишади.
Ўйинга ФИФА рефериси Равшан Эрматов ҳакамлик қилади, унга қанотларда Абдуҳамидулло Расулов ва Баҳодир Қўчқоров кўмаклашади. Заҳира ҳаками эса Азиз Асимов.