8 ой якунлари бўйича ўзбек-поляк товар айланмаси 7% қисқарди
Тошкент. 9 ноябр. ЎзТАГ – 2016 йилнинг январ-августи якунлари бўйича Ўзбекистон ва Польша товар айланмаси 7% қисқарди ва $71 млнни ташкил қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ушбу муддатда Польшадан Ўзбекистонга экспорт ҳажми 8%га ошган. Натижада ўзаро савдодаги сальдо 24%га қисқарган ва $36 млнни ташкил қилган. Польша экспортида асосий ўринларни қорамол етказиб бериш (умумий экспорт ҳажмининг 23%и), кимё саноати маҳсулотлари (20%га яқин), машина, ускуна ва қурилмалар (14%), рангли металлдан тайёрланган маҳсулотлар (12%га яқин) ташкил этди”, - деб таъкидлашди Польшанинг Ўзбекистондаги элчихонасида.
Элчихонада таъкидлашларича, жорий йилда қора металлар, тош, гипс, тери маҳсулотлари каби поляк маҳсулотлари экспорти сезиларли даражада ўсмоқда. Ушбу даврда польяк экспорти 19 турдаги моллардан ташкил топди.
Ўзбекистондан Польшага эса қайта ишланган пахта маҳсулотлари, текстиль саноати маҳсулотлари экспорт қилинган. Уларнинг улуши умумий ҳажмнинг 47,5%ига етган. Минерал маҳсулотлар 30%, кимё саноати маҳсулотлари улуши 20%ни ташкил этган. Ўзбекистондан Польшага жами 12 турдаги маҳсулот экспорт қилинган.