8 ойда 3768 атрофида ит, 252 мушук ва бошқа 48 турдаги қаровсиз ҳайвонлар ушлаб олинди
Тошкент. 8 октябр. ЎзТАГ – 8 ойда 3768 атрофида ит, 252 мушук ва бошқа 48 турдаги қаровсиз ҳайвонлар ушлаб олинди. Ушбу маълумотлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сайтида эълон қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ободонлаштириш бошқармаси таркибидаги Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимига алоҳида хона, “Дамас VAN” махсус автотранспорти ва зарур асбоб-анжомлар билан таъминланган бўлиб, мазкур автотранспортга қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимига боғланиш учун телефон рақамлари ёзиб қўйилган. Амалга оширилган саъй ҳаракатларнинг самараси ўлароқ, йил бошидан 3768 та ит, 252 та мушук ва 48 та бошқа турдаги ҳайвонлар овланди”, - дейилади маълумотда.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Тиббий уюшмаси томонидан ҳайвонлардан жабрланган 3246 нафар одамларга қутуриш касаллигига қарши эмлаш тадбирлари олиб борилди. Жорий йилнинг 8 ойи давомида 459 қоида бузилиш ҳолатлари рўйхатга олиниб 189 та ҳолатда фуқаролардан 6018423 сўм миқдорида жарима ундирилди.


