9 ой якунлари бўйича “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ташувларни 0,2% кўпайтирди

Дата: 16:03, 11-11-2015.

Тошкент. 11 ноябр. ЎзТАГ – 2015 йилнинг 9 ой якунлари бўйича “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси 1,98 млн йўловчи ташиб, ташувларни ўтган йилнинг муқобил даврига нисбатан 0,2% кўпайтирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбек авиакомпанияси ташувларида етакчи ўринни 894,3 минг йўловчи ташилган МДҲ мамлакатлари эгаллади. Олис хорижга 619,6 минг, маҳаллий йўналишларда 468 минг киши ташилган. Авиалайнерлар 17,7 минг рейс бажариб, ўртача йўловчи ташиш кўрсаткичи 111 кишига тенг бўлди”, - деб таъкидлашди авиакомпания матбуот хизматида.

Юк ташувларига келсак, бу ерда бир оз салбий динамика мавжуд. Январ-сентябрда почта ва пулли багажни ҳам қўшган ҳолда жами 31 минг тонна юк ташилди.

Бундан ташқари, йил бошидан бери ўзбек авиакомпанияси бешта халқаро авиакомпаниялар билан авиачипталар сотишга доир интерлайн-келишувлар имзолади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: