9 ойда Ўзбекистон Давлат рақобат қўмитасига 3647 мурожаат келиб тушди

Дата: 15:40, 20-10-2015.

Тошкент. 20 октябр. ЎзТАГ – 2015 йилнинг 9 ойи мобайнида Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига истеъмолчилардан жами 3647 мурожаатлар келиб тушди, уларнинг 2357таси ёзма, 1290таси ишонч телефонлари орқали олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қўмитадан маълум қилишларича, ёзма мурожаатларнинг аксарияти – 1306таси қўмитанинг Марказий маҳкамасига келиб тушган. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар (644), Андижон (259), Хоразм (213), Тошкент вилояти (226) ҳудудий бошқармаларига ҳам қатор мурожжатлар йўлланган.

Давлат рақобат қўмитаси маълумотларига кўра, келиб тушган ариза ва мурожаатларнинг 58,2% коммунал соҳага, 18,9% савдо ва умумий овқатлантириш соҳасига, 9,8% транспорт, алоқа ва коммуникациялар соҳаларига ва 13,1% бошқа соҳаларга тўғри келган.

Хусусан, ҳисобот даврида жами бўлиб 4926 истеъмолчи қабул қилиниб, шундан 3237таси газ таъминоти бўйича, 1572таси электр таъминоти бўйича ва 117таси бошқа масалалар бўйича мурожаат қилганлар. Яна 3407 истеъмолчига тегишли тушунтиришлар берилди, 1293 истеъмолчининг мурожаати жойида ҳал этилди.

Келиб тушган ёзма мурожаатларнинг 93,5% истеъмолчилар фойдасига ҳал этилди, ишонч телефонлари орқали тушган мурожаатларнинг 62,4% бўйича тегишли чоралар кўрилди, қолган 37,6% мурожаатга Давлат рақобат қўмитаси ваколатлари доирасида тушунтиришлар берилди.

Бундан ташқари, кейинги пайтларда Давлат рақобат қўмитасига мурожаатлар сонининг ўсиши кузатилмоқда. Бу эса, қўмита фикрига кўра, истеъмолчилик маданияти тобора ошиб бораётгани ва жамоатчилик назорати механизмларининг фаоллашаётганлиги ҳам таъкидлаб ўтилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: