9 ойда Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси 1,8 млндан кўп йўловчи ташиди
Тошкент. 31 октябр. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 1,8 млндан кўп йўловчини манзилига етказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) МАК сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.
“2016 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича авиакомпания 16 692 рейс бажариб, 1 882 минг йўловчи ташиди ва бу 2015 йилнинг 9 ойидагига нисбатан 95%, олис хориж бўйича 100,8%, яқин хориж бўйича 95,8%, республика ичида 85,6%ни ташкил қилди”, - дейилади хабарда.
Йўловчи ўринлари бандлиги 74,54%, тижорат юкланганлик даражаси 55,57%, бир рейсга ўртача йўловчи юкланганли кўрсаткичи 113 йўловчини ташкил этди.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси мамлакат бўйлаб ҳамон йўловчилар ташиш бўйича етакчи ҳисобланади”, - дейилади хабарда.
Бундан ташқари, МАК юк самолётлари томонидан юк 734 рейси бажарилди, бу эса ўтган йилнинг муқобил давридагидан 46 рейс кўпдир. Бу орқали 30,6 минг тонна юк ташилди (2015 йил 9 ойдагига нисбатан 98,4%).