9 ойда Ўзбекистон суғурта компанияларининг инвестициялари 21% кўпайди

Дата: 09:55, 22-12-2015.

Тошкент. 22 декабр. ЎзТАГ – 2015 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича ўзбек суғурта компанияларининг инвестициялари ҳажми 713,8 млрд сўмни ташкил этиб, 2014 йилнинг муқобил даврига нисбатан 21% ўсди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўтган йилда инвестицияларнинг 9 ой якунлари бўйича инвестициялар ҳажми 590,4 млрд сўмни ташкил этган эди. Шундай қилиб, ўтган 12 ой давомида суғурта компаниялари 123,4 млрд сўм миқдорида маблағлари инвестицияга йўналтирилган”, - деб таъкидлашди Молия вазирлиги матбуот хизматида.

Вазирлик маълумотларига кўра, сўнги уч йил мобайнида инвестицияларнинг ўсиш суръати ошаётгани кузатилмоқда. Хусусан, 2013 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича инвестициялар 16,5% ўсган бўлса, 2014 йилнинг муқобил даврида мазкур кўрсаткич 19,9% ошган.

Инвестициялар таркиби таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, 2015 йилнинг 9 ойи давомида кўчмас мулкдан ташқари, барча инвестициялар турларининг ҳажми ошиши кузатилмоқда. Суғурта компанияларининг кўчмас мулкка йўналтирган инвестициялари 7,0% қисқариб, 27,1 млрд сўмни ташкил этган.
Инвестицияларнинг энг катта ҳажми депозит ва қимматли қоғозларга тўғри келмоқда. Бу ерда инвестициялар 22% ўсиб, 335,0 млрд сўмни ташкил этган. Қимматли қоғозларга ажратилган инвестициялар 21% ошиб, 288,4 млрд сўмга етган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: