9 ойда Ўзбекистонда хориж сармояси иштирокида 370 корхона ташкил қилинди
Тошкент. 18 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2016 йилнинг январ-сентябр ойларида чет эл капитали иштирокида 370та янги корхоналар ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ушбу корхоналарнинг энг кўпи – 258таси Тошкент шаҳрида яратилган. Шунингдек, 39таси Тошкент, 15таси Самарқанд, 13таси Андижон, 10таси Фарғона, 7таси Бухоро, 5таси Сирдарё вилоятлари ва 8таси Қорақалпоғистон Республикасига тўғри келади”, - деб таъкидланади Давлат статистика қўмитаси маълумотларида.
Таъкидланишича, рўйхатга олинган янги корхоналарнинг 78таси Хитой Халқ Республикаси, 75таси Россия Федерацияси, 29таси Корея Республикаси, 29таси Буюк Британия, 24таси Қозоғистон Республикаси, 24таси Туркия Республикаси, 17таси Ҳиндистон Республикаси, 11таси Эрон Ислом Республикаси резидентлари капитали иштирокида ташкил этилди.
Бундан ташқари, янги корхоналар ташкил қилинган тармоқлар ҳам турлича. Хусусан, чет эл капитали иштирокида янги ташкил этилган корхоналарнинг
180таси саноат, 64таси савдо, 28таси қурилиш, 15таси яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар, 12таси қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги, 6таси ахборот ва алоқа иқтисодий фаолият турларида ташкил этилган.
2016 йил 1 октябр ҳолатига республикада фаолият кўрсатаётган чет эл капитали иштирокидаги корхоналарнинг умумий сони 4,9 мингдан ортди.


