9 ойда Ўзбекистонда локализаяциялаштирилган маҳсулотлар ҳажми 2,6 трлн сўмдан ошиқни ташкил қилди

Дата: 17:56, 29-10-2015.

Тошкент. 29 октябр. ЎзТАГ – 2015 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонда амалга оширилаётган локализация дастури доирасида 667 лойиҳа бўйича қиймати 2,6 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, импорт ўрнини босиш самарадорлиги $1 млрддан ошди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Иқтисодиёт вазирлигидан хабар қилишларича, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида 785 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Улар орасида компрессор агрегат эҳтиёт қисмлари ва узеллари (марказдан қочирма ва поршен маҳсулотлари), мотор мойлари, гидравлика учун суюқлик, шахта вагончалари, экскаваторлар учун эҳтиёт қисмлар, маиший техника бутловчи қисмлари, янги турдаги музлатгич ва совутгичлар, электр печлар (мини печлар), маиший чироқлар, энергия тежайдиган ёруғлик диодли лампалар, спорт тренажёрлари, самокатлар, болалар велосипедлари ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш кабилар бор.

Тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш ҳисобига “Ўзвиносаноат-холдинг” холдинг компанияси, “Тошкент рангли металл парчалари ва чиқиндиларини қайта ишлаш заводи” акциядорлик жамияти, “Ўзелтехсаноат” акциядорлик компанияси, “Ўзбекенгилсаноат” АЖ, “Ўзқурилишматериаллари”АК ва бошқаларда импорт ҳажмини $299,4 млнга қисқартиришга эришилди.

Эслатиб ўтамизки, 2015-2019-йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурининг амалга оширилиши доирасида умумий қиймати $5 млрддан ортиқ 602 маҳаллийлаштириш лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш, 1225 турдаги маҳсулотни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш режалаштирилган.
Дастур Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 11-февралдаги 2298-қарори билан тасдиқланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: