9 ойда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 0,6% кўпайиб, $21,3 млрдга етди
Тошкент. 22 октябр. ЎзТАГ – 2014 йилнинг январ-сентябрида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2013 йилнинг муқобил даврига солиштирганда 0,6% кўпайиб, $21,3 млрдга етди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) чоршанба куни Давлат Статистика қўмитаси томонидан эълон қиилнган маълумотларга асосланган ҳолда.
Хабарда айтилишича, ўзбек экспорти ҳажми 0,2% ошиб, $11,1 млрдга, импорт ҳажми эса $10,2 млрдга (+0,9%) етган.
Ижобий савдо сальдоси бир йил олдинги $969 млнга қарши ўлароқ $916,8 млнни ташкил қилди.
Мамлакатнинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари сирасига Россия (умумий товар айланмасида 26%), Хитой (12%), Қозоғистон (9%) ва Жанубий Корея (7,8%) киради.