9 йилда Ўзбекистонда кучли шўрланган ерларнинг майдонлари 36 минг гектарга камайтирилди
Тошкент. 21 апрел. ЎзТАГ – Кейинги 9 йилда Ўзбекистонда кучли шўрланган ерларнинг майдонлари 36 минг гектарга камайтирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Республика миқёсида кучли шўрланган майдонлар 2007 йилга нисбатан 36,0 минг гектарга, ер ости сизот сувлари сатҳи 2 метргача бўлган майдонлар 257,3 минг гектарга камайишига эришилди. Ушбу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида келтириб ўтилди.
Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сизот сувлари сатҳини пасайтириш, ерларнинг шўрланиш даражасини камайтириш ишлари билан Ўзбекистон президентининг 2007 йил октябрдаги “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан сўнг фаол шуғуллана бошланилди.
Ўтган давр мобайнида лойиҳалар амалга оширилган ҳудудларда 2 млн гектардан ортиқ суғориладиган майдонларда ер ости сизот сувлари сатҳи меъёр даражада ушлаб турилиб, ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиши таъминланди. Мелиорация тадбирлари амалга оширилган суғориладиган экин майдонларида пахта ҳосилдорлиги гектарига ўртача 3–4 центнер, бошоқли дон экинлари эса 4–5 центнерга ошди.