Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазифалари Соғлиқни сақлаш вазирлигига берилди
Тошкент. 25 феврал. ЎзТАГ – Меҳнат вазирлиги аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи бўлинмаларини Соғлиқни сақлаш вазирлигига беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу президент Ислом Каримовнинг 22 февралдаги “Аҳолининг заиф қатламини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан кўзда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, ногирон, жумладан, ногирон болалар, уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, ёлғиз қариялар ва аҳолининг бошқа заиф қатламларига тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, имконияти чекланган инсонларни касбий-ҳунар ўрганишларини ташкиллаштириш ва инклюзив касбий таълимни ривожлантириш масалалари энди Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юклатилди.
Меҳнат вазирлиги таркибида бўлган “Мурувват” интернат-уйлари, “Саховат” ногиронлар ва қариялар уйлари, ногиронларни протезлаш ва реабилитация қилиш Миллий маркази, ногиронлар учун реабилитацион регионал марказлар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторий ва пансионатлари, Тошкент ва Фарғонадаги имкониятлари чекланган шахслар учун республика ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари, шунингдек, пойтахтдаги №2 сонли юридик коллежи Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфига ўтказилди.
Бундан ташқари, олдин собиқ Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги амалга оширган эҳтиёжманд оилалар ва фуқароларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлашни назорат қилиш вазифалари Молия вазирлигига ўтказилди.


