АҚШ Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиб кетишни секинлартириш имкониятини кўриб чиқаяпти

Дата: 11:58, 16-03-2015.

Тошкент. 16 март. ЎзТАГ – АҚШ президенти Барак Обама яқин йиллар ичида Афғонистонда олдин режалаштирилганидан каттароқ миқдордаги ҳарбий ҳозирлик имкониятларини кўриб чиқмоқда, деб хабар қилди ТАСС.

Америка маъмурияти вакилининг сўзларига кўра, бу ҳақидаги илтимос билан Оқ уйга Афғонистон президенти Ашраф Ғаний Аҳмадзай мурожаат қилган. Обама унинг билан шу ҳафта видеоконференция мулоқоти ўтказгани хабар қилинмоқда.

“Президентлар Обама ва Ғанийлар Афғонистонда хавфсизлик масаласини муҳокама қилдилар. Ғаний қўшинларни олиб чиқиб кетиш ва ҳарбий базаларни ёпиш масаласида бир оз шошмасликни илтимос қилди ва биз бу масалани кўриб чиқаяпмиз”, - деб баён қилди Оқ уй вакили.

Февралда АҚШ Мудофаа вазири Эштон Картернинг Қобулга ташрифи чоғида Афғонистонда кейинги бир неча йил ичида олдин режалаштирилганидан кўра копроқ ҳарбий контингентни сақлаб қолиш имконияти ҳақида маълум қилган эди.

Ҳозирда Афғонистонда 10 минг атрофида АҚШ ҳарбийси бор. Режаларга кўра, йил охирига қадар уларнинг сони 5,5 мингтагача қисқариши зарур. 2011 йилда АҚШ Афғонистондаги қўшинлари сони 101 минг кишини ташкил қилар эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: