АҚШ давлат департаменти вакили Ўзбекистонда музокаралар олиб бормоқда

Дата: 17:54, 27-08-2015.

Тошкент. 27 август. ЎзТАГ – Бугун Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатда ташриф билан бўлиб турган Америка Қўшма Штатлари Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниэл Розенблумни қабул қилди. Бу ҳақида пайшанба куни Ўзбекистон ташқи сиёсий муассасаси матбуот хизмати хабар қилмоқда.

“Учрашувда Ўзбекистон-АҚШ мулоқотининг ҳозирги ҳолати ва уни сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, гуманитар ва ўзаро манфаатли бўлган бошқа соҳаларда чуқурлаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди,” – деб таъкидланади хабарда.

Шунингдек, суҳбатда АҚШ элчиси Памела Леора Спратлен хоним ҳам иштирок этди.

Эслатиб ўтамизки, Д.Розенблюм Ўзбекистонга 2015 йил апрелда ҳам ташриф буюрган эди. Бундан ташқари, жорий йил июлда Тошкентга Америка Қўшма Штатлари Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Ричард Хоугланд ва АҚШ ҳарбий кучлари Бош қўмондонлиги бошлиғи (CENTCOM), генерал Ллойд Джей Остин III ҳам келиб кетган эди. Ўшанда ташрифлар доирасида Афғонистондаги вазият ва бронеавтомобиллар етказиб бериш масалалари бўлгани хабар қилинган эди. Маълумки, уларни етказиб бериш ўтган йил декабрда бошланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: