АҚШ Давлат котиби Керри Марказий Осиёга сафари давомида Ўзбекистонга ташриф буюради
Тошкент. 28 октябр. ЎзТАГ – АҚШ Давлат котиби Жон Керри 28 октябр-3 ноябр кунлари Марказий Осиёга сафари давомида Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақида АҚШ Давлат департаменти хабар қилмоқда.
Шунингдек, у Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонга ҳам боради.
“Бишкек, Самарқанд, Астана, Душанбе ва Ашхабодга ташрифи доирасида Ж.Керри ҳукумат раҳбарлари билан иккитомонлама музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда. Бу Давлат котибининг Марказий Осиёга илк сафари бўлади”, - дейилади Давлат департаменти хабарида.
Самарқандда Ж.Керри беш мамлакат ташқи ишлар вазирларининг қўшма йиғилишида иштирок этади ва унда минтақавий ва глобал имконият ҳамда ҳавфларни муҳокама қилишда қатнашади.
Давлат котиби Бишкекда Марказий Осиёдаги америка университетининг янги биноси очилишида иштирок этиши ҳам таъкидланмоқда.
Астанада АҚШ Давлат котиби Қозоғистон-АҚШ стратегик ҳамкорлиги комиссиясининг IV йиғилишида қатнашади, шунингдек, Nazarbayev Universityда Марказий Осиё глобал муаммоларни енгишдаги роли ҳақида маъруза қилади.