АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Тошкентда ўзбек журналистлари билан учрашади
Тошкент. 17 март. ЎзТАГ – АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ўринбосари Фотима Сумар Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турибди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“АҚШ Давлат котиби ўринбосари мамлакатда 19 мартгача бўлади. Ташриф давомида у АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга қаратилган бирқатор учрашувлар ўтказади”, - деб қайд этилади АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хабарида.
Сумар хоним ҳукумат вакиллари ва Тошкент бизнес-доиралари вакиллари билан ҳам кенг кўламдаги иккитомонлама ва ҳудудий масалалар, шу жумладан, “Янги Ипак йўли” лойиҳаси доирасидаги иқтисодий интеграция масалаларини муҳокама қилиш мақсадларида ҳам учрашади.
Шунингдек, у бизнесменлар ва аёл-тадбиркорлар билан чегаралараро савдо масалаларини муҳокама қилиш учун Термиз шаҳрига ҳам ташриф буюради. Бугун кечқурун эса Фотима Сумар АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида ўзбек журналистлари билан учрашув ўтказади.