АҚШ элчихонаси Тошкентда ногиронлар ҳақидаги қонуннинг 25-йиллигини нишонлади
Тошкент. 24 август. ЎзТАГ – Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси Тошкентда ногиронлар ҳуқуқлари ва АҚШда ногиронлар ҳақидаги қонун қабул қилинганлигининг 25-йиллигини нишонлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Элчихонадан хабар қилишларича, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен ўз чиқишида қабул қилинганлигининг 25 йиллиги нишонланаётган америкалик ногиронлар ҳақидаги қонун имкониятлари чекланган кишилар учун тенг ҳуқуқларни таъминловчи дунёдаги биринчи қонун бўлганлигини қайд этиб ўтди.
“Қонун жисмоний ва ақлий имкониятлари чекланган кишилар олдидаги тўсиқларни олиб ташлаш ва ҳуқуқларини кенгайтиришда катта муваффақият касб этди. Бунга қадар имкониятлари чекланган кишилар камситилиш ва ёлғизликка маҳкум эдилар. Эндиликда эса АҚШдаги барча йўлкаларда ногиронлар учун махсус йўлакчалар қилинган, иш берувчилар столларни ногиронлар аравачаси баландлигига мос қилиб ўрнатадилар ва кўзи кўрмайдиган кишилар фойдаланиши мумкин бўлган компьютерларни тақдим этади”, – деди АҚШ элчиси.
“Автобуслар аравачаларни салонга чиқариб қўйиш учун кўтаргичларни тушириши мумкин, автомобилларда баъзи ногирон ҳайдовчилар ўз уловларини ўзлари бошқаришлари учун мосламалар ўрнатилган”.
“АҚШ ҳозирда эшитиш қобилияти ёки нутқи чекланган кишиларга бемалол мулоқот қилиш имконини берадиган умуммиллий интернет ва телефон тизими мавжуд. Телекўрсатувларнинг 99% субтитрларни қўшиш имконияти бор. Ногиронлар тўғрисидаги қонун шарофати билан барча америкалик ногиронлар биноларга кириш, жамиятда яшаш, меҳнат, мулоқот ва сафар қилиш борасида тенг ҳуқуқлидир”, – деб таъкидлади Памела Спратлен.
Шунингдек, элчи хонимнинг фикрига кўра, “қонунлар ҳуқуқ ва имкониятларни кенгайтиришнинг асосини қўйиши мумкин, лекин фақат одамларнинг ўзлари буни амалда юзага чиқаришлари мумкин”. АҚШ элчиси тадбир давомида журналистларнинг саволларига жавоб бера туриб Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган кишиларни ижтимоий кўмаклаш бўйича олиб борилаётган ишларни таъкидлаб ўтди.
Тадбирда профессионал раққослар билан бирга имконияти чекланган кишилар қатнашувчи Лилия Севастьянова раҳбарлигидаги таниқли “Лик” театри артистлари ҳам қатнашдилар.