АҚШ Хоразм ҳудудий диагностика лабораториясини ташкил қилишни молиялаштирди

Дата: 13:08, 18-10-2016.

Тошкент. 18 октябр. ЎзТАГ – АҚШ Биотерроризм таҳдидларини камайтириш агентлиги Хоразм вилоятида Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги учун  ҳудудий диагностика лабораториясини ташкил қилишни молиялаштирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ҳудудий диагностика лабораториясини яратиш лойиҳасининг якунланиши АҚШ Биотерроризм таҳдидларини камайтириш агентлиги ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичидан дарак беради. Ушбу янги босқич фан, биологик хавфлар ва касалликлар устидан назорат бўйича тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорликнинг давоми бўлади”, - дейилади АҚШ элчихонаси хабарида.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен бу каби лойиҳалар касалликларни назорат қилишда катта рол ўйнашини айтиб ўтди.

“Бу каби лойиҳалар касалликларни назорат қилишда катта рол ўйнайди. Аммо улар малакали мутахассис ва экспертларсиз ҳеч нима қила олмайди. Ушбу кишиларнинг меҳнати ва профессионализми ҳар бир лабораториянинг тўхтовсиз ишлашини таъминлайди. Ва, энг асосийси, улар миллий даражада муваффақиятли эпидемиологик назорат дастурининг асосини ташкил қилади”, - деди П.Спратлен лабораториянинг очилиш маросимида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: