АҚШ президенти Барак Обама Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга миннатдорчилик билдирди

Дата: 15:28, 18-07-2014.

     Тошкент. 18 июл. ЎзТАГ – АҚШ президенти Барак Обама Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга АҚШ Мустақиллиги куни билан табрик учун миннатдорчилик билдирди, деб хабар беради ЎзА.

     “Мустақиллигимизнинг икки юз ўттиз саккиз йиллиги муносабати билан йўллаган самимий қутловларингиз учун мен билан бирга Америка Қўшма Штатлари халқи Сизга ўз миннатдорлигини изҳор этади.
     Америкаликларни халқ сифатида дунёдаги бошқа мамлакатларнинг халқлари билан бирлаштириб турадиган кўп маданиятли мерос ва бой анъаналарни нишонлаш учун биз ушбу имкониятдан фойдаланамиз. Барча халқлар бахт-саодат ва фаровонликка интилишда эркинликдан баҳраманд бўлиши лозим, деган умумий олий мақсад барчамизни руҳлантиради.
     Биз учун ғоят қадрли бўлган эркинликни таъминлаш йўлида ўтмишда ва ҳозирги кунда қурбон бўлганларни ёдга олар эканмиз, барча халқлар учун озод ва тинч яшаш ва шундай бўлиб қолиш ҳуқуқига эришилишига ишончимизни ҳамда қатъиятимизни яна бир карра тасдиқлаймиз”, - дейилади АҚШ президентининг хатида.
     Эслатиб ўтамизки, 4 июл куни Тошкентдаги АҚШ элчихонасида ушбу мамлакатнинг мустақиллик куни нишонланди. Тантаналарда 1 мингдан ошиқ киши қатнашди. Улар орасида Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Дилором Тошмуҳамедова, парламент аъзолари, ўзбек эстрадаси юлдузлари, жамоатчилик аъзолари ва ОАВ вакиллари бор эди, деб ёзади нашр.

Янгилик билан ўртоқлашиш: