АҚШ президенти: “Биз икки томонлама муносабатларда эришилган кўплаб натижаларимиз билан фахрланишимиз мумкин”
Тошкент. 20 феврал. ЎзТАГ – “Биз икки томонлама муносабатларда эришилган кўплаб натижаларимиз билан фахрланишимиз мумкин”, дея ёзди Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Келгуси йилларда ҳам минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик соҳасидаги умумий мақсадларимизни амалга оширишда Сиз билан ҳамкорликда ишлаймиз, деган умиддаман. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон Республикаси ва унинг қўшни давлатлари суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, Сизнинг Марказий Осиёни янада тараққий эттириш ва ўзаро ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатларингизни қўллаб-қувватлайди”, - дейилади мактубда.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампга йўллаган табрик мактубида “Ўтган даврда ўзаро дўстлик ва шериклик муносабатларида мустаҳкам пойдевор яратилди. Кўп қиррали ҳамкорлигимиз жадал ва кенг кўламли характер касб этди”, - деб таъкидланади.
Мирзиёев республика ташқи сиёсатининг фундаментал принцип ва концептуал асослари ўзгармасдан қолишини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Америка Қўшма Штатлари билан анъанавий муносабатларни сақлаш, ҳар томонлама ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг қатъий тарафдоридир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти “ўзаро англашув, ҳурмат ва икки томонлама манфаатдорлик тамойилларига асосланган стратегик шериклик руҳидаги муносабатларни янада ривожлантириш Ўзбекистон ва АҚШ халқлари манфаатларига хизмат қилишини” қайд этди.