АҚШ президенти Дональд Трамп Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнидаги тараққиётни қайд этди
Тошкент. 3 апрел. ЎзТАГ – Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Жон Трамп Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон президенти матбуот хизматига асосланган ҳолда.
АҚШ раҳбари ўз мактубида Мирзиёевни, унинг оиласини ва бутун Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан табриклади.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганингиздан сўнг Сизнинг раҳбарлигингизда мамлакатнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва тараққиёт жараёни бизни ҳам мамнун этмоқда. Америка халқи ва бизнес вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришнинг янги йўналишлари бўйича изланмоқда. Наврўз муборак!”, - деб таъкидланади хужжатда.
Ўзбекистон президенти ўзининг жавоб мактубида Трамп ва бутун Америка халқига янгиланиш, фаровонлик ва уйғониш фасли бўлган Наврўз байрами муносабати билан йўллаган самимий табриги ва эзгу тилаклари учун чин дилдан миннатдорлик изҳор этди.
“Сизнинг шахсий муносабатингизни юксак қадрлайман, Ўзбекистон Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, хусусан, мамлакатларимиз бизнес доираларининг яқин алоқаларини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Ўзбекистон билан Американинг стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, айниқса, минтақавий ва халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги долзарб масалалар бўйича ёндашувларимизнинг муштараклиги мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли муносабатларни изчил ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишига ишонаман”, - деб таъкидлади Ш. Мирзиёев.
Шунингдек, ўзбек давлати раҳбари Трампга амалга ошираётган чуқур ва кенг кўламли ислоҳотларни юксак эътироф этгани учун миннатдорлик билдирди.
“Биз фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва аҳоли ҳаёт даражасини тубдан ошириш бўйича танлаган йўлимизни қатъий ва изчил давом эттирамиз. Фурсатдан фойдаланиб, Сиз, Жаноб Президентга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва давлат раҳбари сифатидаги фаолиятингизга улкан муваффақиятлар, Америка Қўшма Штатлари халқига тинчлик, хотиржамлик ва фаровонлик тилайман”, - деб ёзди Ўзбекистон президенти.