АҚШ президенти Ўзбекистонни Мустақиллик куни билан қутлади

Дата: 09:56, 28-08-2015.

Тошкент. 28 август. ЎзТАГ - АҚШ президенти Барак Обама Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни Мустақиллик куни билан қутлади, деб хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“1 сентябрда нишонланадиган Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан Америка Қўшма Штатлари халқи номидан Сизга ва Ўзбекистон халқига самимий табрикларимни йўллайман”, - дейилади Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинган табрикномада.

“Америка Қўшма Штатлари 1991 йилнинг 25 декабрида Ўзбекистон мустақиллигини тан олган пайтдан буён мамлакатларимиз ўзаро ишонч, ҳурмат ва ўзаро манфаатларга асосланган муносабатларни ривожлантириш мақсадида биргаликда ишлаб келмоқда. Биз давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни юксак қадрлаймиз. Қўшма Штатлар Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини ҳамиша қўллаб-қувватлаган, бинобарин, биз демократик, хавф-хатарсиз ва гуллаб-яшнаётган истиқбол йўлида Сиз билан биргаликдаги фаолиятни давом эттираверамиз. Мен келгуси йилларда икки томонлама муносабатларимизнинг янада кенгайишини сабрсизлик билан кутмоқдаман.

Миллий байрамингиз муносабати билан мамлакатингиз янада равнақ топишини тилаб билдирган энг эзгу истакларимни қабул қилгайсиз”, - деб таъкидлайди АҚШ президенти.

Янгилик билан ўртоқлашиш: