АҚШ Сеулнинг Ўзбекистонга самолётлар сотиш режаларига қарши чиқди

Дата: 17:25, 26-10-2015.

Тошкент. 26 октябр. ЎзТАГ - АҚШ ҳукумати Жанубий Кореянинг Ўзбекистонга биргаликда яратилган T-50 Golden Eagle ўқув-жанговор самолётларини сотишига қаршилик қилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Korea Times газетасининг ҳарбий манбага асосланиб берган хабарига кўра, АҚШнинг қаршилигига асосий сабаб – технологиялар Россия қўлига тушиши ҳавфидир.

Нашр маълумотига кўра, Сеул ва Тошкент қиймати $400 млнлик келишувни тайёрлаганлар.

“Ўзбекистоннинг Россия билан алоқалари қалин, АҚШ T-50нинг Ўзбекистонга экспорти технологияларнинг Россияга берилишидан хавотирда. Жанубий Кореянинг KAI ширкати ўзбек ҳукумати билан (самолётлар) экспорти бўйчича музокаралар ўтказмоқда, аммо АҚШ ҳукумати ушбу битимга қарши”, - деб иқтибос келтиради нашр вазият билан таниш манбадан.

Korea Times маълумотига кўра, Жанубий Корея вакиллари Ўзбекистонга 12та Т-50 самолётларини сотишни режалаштирган бўлган. Томонлар иккитомонлама ҳамкорлик ҳақида келишув имзолаган апрелдаги учрашувда Ўзбекистон мудофаа вазири T-50нинг енгил версияси бўлган FA-50 симуляторини синаб кўрган. Жанубий Корея уларни бошқа мамлакатларга муваффақиятли экспорт қилмоқда.

АҚШ позициясига қарамасдан Жанубий Корея ҳукумати Т-50 самолётларини сотиш бўйича Ўзбекистон билан мулоқотни давом эттиришга ҳаракат қилмоқда ва келишувни амалга ошириш бўйича Вашингтонни кўндириш борасида саъй-ҳаракатлар қилмоқда, деб таъкидлайди газета.

Эслатиб ўтамизки, Т-50 Golden Eagle самолётини Жанубий Кореянинг Korean Aerospace Industries (KAI) бирлашмаси томонидан Американинг Lockheed Martin корпорацияси билан бирга ишлаб чиқилган. Ишланма KAI (17%), Lockheed Martin (13%) ва Жанубий Корея ҳукумати (70%) томонидан молиялаштирилган. Жанубий Корея T-50ни Ироқ, Филиппин ва Таиландга экспорт қилади, самолётнинг бошқа версияси - TA-50s Индонезияга етказиб берилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: