АҚШ ўзбек божхоначиларига 230 радиация детекторларини беғараз топширди

Дата: 15:21, 28-02-2018.

Тошкент. 28 феврал. ЎзТАГ – АҚШ элчихонаси томонидан Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасига 230 та радиация детекторлари беғараз топширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Топшириш маросимида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен ва Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Жасур Орипов иштирок этди.

Элчихона маълумотига кўра, ускуналар 2017 йил 1 августда имзоланган Англашув меморандуми доирасида етказиб берилган.

Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасида ядро ва радиоактив моддалар тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳамкорлик тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун муҳимдир. Божхона Қўмитаси ушбу янги асбоб-ускуна ёрдамида назорат-ўтиш пунктларида ядро ва радиоактив моддаларни аниқлаш имкониятларини кучайтиради.

АҚШнинг Ўзбекистон билан кенг масалалар бўйича ҳамкорлиги мамлакатнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди, шунингдек, мамлакатнинг трансмиллий таҳдидларга қарши салоҳиятини мустаҳкамлайди. Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон 2001 йилдан буён хавфли ядро, биологик, кимёвий ва радиоактив моддаларнинг олдини олиш учун яқиндан ҳамкорлик қиладилар.

Сурат манбаи: https://m.pikabu.ru/story/kakoy_uroven_radiatsii_v_chernobyile_4162825

Янгилик билан ўртоқлашиш: