АҚШ Ўзбекистонга $2,2 млнлик дори воситаларини топширди

Дата: 12:05, 11-05-2016.

Тошкент. 11 май. ЎзТАГ – 10 майда Тошкентда АҚШ томонидан ўзбек тиббий муасасаларига ажратилган дори воситалари гуманитар юкини топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Гуманитар юк АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) кўмагида Project HOPE халқаро ташкилоти томонидан етказиб берилди.

“АҚШнинг фармацевтика компаниялари томонидан тайёрланган дори воситалари $2,25 млнга баҳоланмоқда. У “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси томонидан бепул ташиб берилди”, - деб таъкидлашди АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов дори воситаларини топшириш маросимида олинган антибиотик ва бошқа дори воситалари Бухоро ва Қашқадарё вилоятларига тақсимланиб, уларга муҳтож бўлган 7 минг беморларга топширилади, деб айтиб ўтди.

АҚШ элчихонасида таъкидлашларича, дори воситаларини етказиб бериш Ўзбекистон аҳолисининг соғлигини яхшилаш устида ишлаётган давлат ташкилотлари, хусусий тадбиркорлик ва нотижорат ташкилотларнинг самарали ҳамкорлиги натижасидир.

“Биз бу ерга дори воситаларини етказиб бериш учун келдик ва ўйлаймизки, бу АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматлари орасидаги ҳамкорликни давом эттирувчи жуда муҳим лойиҳадир. Бу кейинги 3 йилдаги энг йирик етказиб бериш бўлди. Бу жуда муҳим. Бизнинг мақсадимиз Соғлиқни сақлаш вазирлигига Ўзбекистон аҳолисига ёрдамида дастак бўлишдан иборат. Бу жуда яхши лойиҳа деб ўйлайман”, - деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Леора Спратлен.

Project HOPEнинг Европа ва Евроосиё бўйича директори Мариам Сианозованинг сўзларига кўра, ушбу ташкилот Ўзбекистонда кўп йиллардан бери фаолият юритади ҳамда она ва бола соғлигини яхшилаш, юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича дастурларни амалга оширади.

Эслатиб ўтамизки, 1992 йилдан буён USAID Ўзбекистонга $356 млндан ортиқ миқдорда кўмак берган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: