АҚШ Ўзбекистонга божсиз савдо режимини қўллаши мумкин
Тошкент. 11 феврал. ЎзТАГ – АҚШ Ўзбекистонга нисбатан Глобал имтиёзлар тизиминининг (ГИТ) божсиз савдо режимини қўллаш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Вашингтонда АҚШ ГИТ қўллаш масалалари бўйича Савдо вакили ёрдамчисининг ўринбосари Эрланд Херфиндал ва Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ўринбосари Зебо Реязуддинлар билан учрашувида сўз борди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, учрашув иштирокчилари мамлакатдаги мажбурий меҳнатни камайтириш бўйича кўрилаётган чораларни муҳокама қилишди.
АҚШ томони “Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнатни йўқ қилиш масаласида тараққиётини умум эътироф этилганини”ни таъкидлади ва Ўзбекистон делегациясининг Cotton Campaign билан очиқ ва конструктив музокараларини маъқуллаб, бу Ўзбекистоннинг АҚШ инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамжамияти орасидаги обрўсига ижобий таъсир кўрсатиши кераклигини қайд этиб ўтди.
Сўнгги икки йил давомида Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни йўқотиш борасидаги ўзгаришлар АҚШнинг Меҳнат масалалари бўйича маслаҳатчиси Марта Ньютон билан учрашувда ҳам айтиб ўтилди.
Унда америкалик мутахассисни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг доимий маслаҳатчиси сифатида жалб қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Икки мамлакат вазирликлари ҳамкорлиги Ўзбекистоннинг янги Меҳнат кодексини ишлаб чиқиш ва 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишда ҳам долзарб бўлади.
Сурат манбаи: https://www.ixbt.com