АҚШ Ўзбекистонга инглиз тилли мактаблар очишга ёрдам беради

Дата: 10:58, 04-10-2018.

Тошкент. 4 октябр. ЎзТАГ – АҚШ Ўзбекистонга инглиз тилли мактаблар очишга ёрдам беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, бунга доир келишувга 2 октябрда Вашингтонда (АҚШ) Ўзбекистон халқ таълими вазири Ш. Шерматов бошчилигидаги делегациянинг АҚШ таълим вазири Э. Девос билан музокаралар якуни бўйича эришилган.

“Музокаралар якунлари бўйича томонлар икки вазирлик ўртасида Ўзбекистонда мактаб таълими тизимини такомиллаштиришда АҚШнинг илғор тажрибасини жорий этиш масалаларида алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар”, - дейилади хабарда.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасининг маълумотларига кўра, учрашувда 2018 йилнинг май ойида ўтказилган олий даражадаги ўзбек-америка учрашувлари доирасида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, шу нуқтаи назардан ўқув жараёнини бошқариш, тизимга АКТ жорий этиш, ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда мактаб таълимини молиялаштириш моделлари механизмларини такомиллаштириш борасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари кўриб чиқилди.

Шундан сўнг қайд этилишича, инглиз тилини ўқитиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро меморандумни изчил имплементация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шу қаторда барча фанлар инглиз тилида ўқитиладиган умумтаълим мактабларини очишдан томонлар бирдек манфаатдорлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, америка томони ҳамкорликнинг дастлабки босқичларида ўқитувчиларни онлайн тайёрлаш тизимини йўлга қўйишда, ва кейинчалик АҚШнинг университетлари билан биргаликда замонавий таълим услубларига асосланувчи махсус дастурларни ишлаб чиқишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Сурат манбаи: из https://espanarusa.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: