АҚШ Ўзбекистонга “Каракалпакия” божхона постини модернизация қилишда кўмаклашади

Дата: 11:43, 28-08-2015.

Тошкент. 28 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва АҚШ “Каракалпакия” божхона постини модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширишга киришдилар, деб хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“АҚШ элчихонаси ўзбекистонлик ҳамкорлари билан чегара хавфсизлигини такомиллаштириш ва ноқонуний гиёҳванд моддалар айланмасини тўхтатишга қаратилган фаолиятини давом эттирмоқда. Элчихона, АҚШ Марказий қўмондонлиги гиёҳванд моддаларга қарши курашиш жамғармаси ёрдамида, Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасига “Каракалпакия” божхона постини яхшилашга кўмак бермоқда. Ушбу лойиҳага темир йўл станциясида янги ёпиқ видеокузатув ва мукаммал ёритиш тизимини қўллаб-қувватлашга имкон берувчи қатор пўлат қурилмаларни ўрнатиш киради”, – деб таъкидлашди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизматида.

Лойиҳа АҚШ ҳукуматининг грант маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда. Бу иш чегара хавфсизлигини таъминлаш ва ноқонуний гиёҳванд моддалар айланмасини тўхтатишга қаратилган.

Эслатиб ўтамизки, 2013-2015 йилларда АҚШ ҳукумати Ўзбекистонда божхона постларини модернизация қилишга $16 млн ажратишни режалаштирган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: