АҚШ Ўзбекистонга наркотрафик билан курашиш учун беғараз равишда қиймати $6,2 млнлик техника етказиб беради

Дата: 22:38, 29-04-2015.

Тошкент. 29 апрел. ЎзТАГ – АҚШ Мудофаа вазирлиги Ўзбекистонга наркотикларни тарқалишига қарши курашиш учун беғараз равишда қиймати $6,2 млнлик техника етказиб беради, деб маълум қилинади АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабарида.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен 27 апрелда наркотикларни назорат қилиш соҳасида кўмаклашиш ва ҳуқуқни қўллаш бўйича 2001-йил 14-августдаги Битимга қўшимча киритиш ҳақидаги ҳукуматлараро ҳужжатни имзоладилар.

“Ушбу қўшимча АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан молиялаштирилаётган лойиҳани амалга оширишга имкон беради. Унинг доирасида Ўзбекистонга қиймати $6,2 млнлик ускуналар, патруль катерлари ва автомобиллар етказиб берилади”, - деб кўрсатилади хабарда.

Лойиҳа доирасида Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегарасини қўриқлаш хизмати ва республика Давлат божхона қўмитасига кўмак кўрсатилади.

Америка элчихонаси хабарига кўра, ушбу кўмакдан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига “наркотик воситалар, психотроп воситалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланмаси билан шуғулланувчи йирик ташкилотларни издан чиқариш ва йўқ қилиш бўйича стратегияни ишлаб чиқиш масалаларида” кўмак беришдан иборат.

Янгилик билан ўртоқлашиш: