АҚШ Ўзбекистонга силни тезкор аниқлаш бўйича ускуналарни топширди

Дата: 11:23, 31-01-2018.

Тошкент. 31 январ. ЎзТАГ –Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига Америка Қўшма Штатлари томонидан сил касаллигини тезкор ташхислаш замонавий ускуналарини тақдим этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати маълумотига кўра, 30 январда Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пулмонология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб ўтган тақдимот маросимида Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Марказий Осиё Минтақавий директор ўринбосари Сара Уолтер хоним ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари доктор Лианн Куппенс, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бош мутахассиси доктор Асилбек Аҳмаджонов иштирок этди.

АҚШ ҳукумати томонидан тақдим этилаётган қўлланилиши осон бўлган тўрт тўплам  Xpert MTB/RIF силни тезкор ташхислаш ускуналари тиббиёт муассасаларига сил касаллигини аниқлаш вақтини 8 ҳафтадан икки соатгача қисқартириш имконини беради. Сил касаллигини эрта ташхислаш тиббиёт муассасаларига аҳолини ўз вақтида даволаш, беморларнинг тўлиқ тузалиши ва касаллик тарқалиши олдини олишга имкон яратади.

USAID сил касаллигини тезкор ташхислаш махсус тиббий ускуналарини ЖССТ ва KNCV Tuberculosis Foundation жамғармаси ҳамкорлигида тадбиқ этилаётган “Challenge TB” лойиҳаси орқали амалга оширди. Бугунги кунда Ўзбекистонда 27 та Xpert MTB/RIF ускунаси қўлланилмоқда, улар орасида 2014 йилда USAID томонидан тақдим этилган тўртта ускуна ҳам мавжуд.

Сурат манбаи: https://www.id-hub.com/2017/09/04/using-xpert-mtbrif-diagnose-tb-progress-made/

Янгилик билан ўртоқлашиш: