АҚШда ўзбек гиламларининг биринчи савдо уйи очилди

Дата: 10:37, 11-11-2019.

Тошкент. 11 ноябрь. ЎзТАГ – АҚШда ўзбек гиламларининг биринчи савдо уйи очилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"2 ноябрь куни Филадельфияда (Пенсильвания штати) Ўзбекистон "SAG" компаниясининг фирма гиламларни сотиш бўйича биринчи савдо уйининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди", – дейилади Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, савдо майдончаси АҚШ бозорида юқори сифатли ва рақобатбардош ўзбек гиламларини сотишга кўмаклашади, шунингдек, ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг турли тўқимачилик маҳсулотлари кўргазмалари ва ярмаркаларини ўтказиш учун доимий фаолият юритадиган "Show-room" бўлади.

"Айни пайтда савдо уйига қиймати $115 мингдан зиёд маҳсулот етказиб берилди, шунингдек, қўшимча равишда Ўзбекистондан 2 контейнер гилам маҳсулотлари жўнатилди. Ҳужумкор реклама стратегияси туфайли ўзбек ишлаб чиқарувчилари билан Нью-Йорк ва Нью-Жерси, Чикаго, Мичиган, Индиана, Огайо, Пенсильвания, Мэриленд ва Колумбия округларига етказиб бериш бўйича шартномалар тузилди", – деб қайд этилади хабарда.

Сурат манбаи: facebook.com/MFAUZB

Янгилик билан ўртоқлашиш: