АҚШда ўзбекистонликка терроризм ва одам ўлдириш айбловлари қўйилди
Тошкент. 22 ноябр. ЎзТАГ – АҚШда Ўзбекистон фуқароси бўлган Сайфулло Соиповга терроризм ва одам ўлдириш айбловлари қўйилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) АҚШ Адлия вазирлиги сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.
Таъкидланишича, Соиповга умумий ҳисобда 8 та қотиллик (ҳужум қурбонлари сони бўйича), 12 та қотиллик содир этишга уриниш (жабрланганлар сони бўйича), ИД террорчилик гуруҳига кўмак бериш ва кўмак беришга уриниш, зўравонлик ва транспорт воситасига зарар етказиш кабилар бўйича айбловлар қўйилди.
Ҳакамлар ҳайъати 22 банддан иборат айблов хулосасини чиқаргани сабабли Соипов суд олдида қилмишлари учун жавоб беради.
Хусусан, айбловнинг икки моддаси бўйича Соиповга умрбод қамоқ жазоси ёки ўлим жазоси берилиши мумкин.
Адлия вазирлиги хабарида Соипов терговчиларга юк машинасидан фойдаланган ҳолда ҳужум қилишга уни ИДнинг телефон орқали кўрган видеоси илҳом берганини тан олган. У жиноятни содир этишни бир йил аввал ўйлаб қўйган, ҳужумдан икки ой аввал эса “кўпроқ бегуноҳ одамлар жабрланиши” учун уни юк машинаси ёрдамида амалга оширишга қарор қилган.
Жиноятдан тахминан бир ҳафтача олдин у юк машинасини ижарага олиб, уни бошқаришни машқ қила бошлаган.
“Соипов ИДнинг байроғини юк машинасининг олди ва орқасига ўрнатмоқчи бўлган, лекин кейинчалик бу диққатни тортиши мумкинлигини ўйлаб, бу фикридан қайтган. Соипов байроқни палатасига осиб қўйишни сўраган ва қилган ишидан мамнунлигини аён қилган”, - дейилади муассаса хабарида.
Эслатиб ўтамизки, 31 октябрда Ўзбекистон фуқароси бўлган Сайфулло Соипов бошқарган юк машинаси Манхэттеннинг жанубий-ғарбий қисмида велосипед йўлагига чиқиб кетиб, йўлида учраган кишиларни босиб кетган ва кейин мактаб автобусига бориб урилган эди. Гумондор қўлга олиниб, касалхонага ётқизилган. Натижада 8 киши теракт қурбони бўлган, 12 киши жароҳатланган эди.


