АҚШда Ўзбекистоннинг инвестиция ва сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди

Дата: 10:37, 18-11-2019.

Тошкент. 18 ноябрь. ЎзТАГ – АҚШда Ўзбекистоннинг инвестицион ва сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"13 ноябрь куни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси Гарвард клуби билан ҳамкорликда Вашингтонда Гарвард университети битирувчилари учун мамлакатнинг инвестицион салоҳияти ва сайёҳлик бренди тақдимоти ўтказилди", – дейилади Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабарида.

Тадбирда АҚШнинг етакчи давлат арбоблари, халқаро ташкилотлар ва йирик АҚШ компаниялари вакиллари, шунингдек, АҚШ тадқиқот институтлари профессорлари бўлган Вашингтондаги Гарвард клубининг 100 дан ортиқ аъзолари иштирок этдилар.

"Брифинг иштирокчилари мамлакатимизда бизнес-муҳитни яхшилаш бўйича эришилган ютуқлар, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, туризм соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, жумладан, виза тартиб-таомилларини енгиллаштиришда хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилгани ҳақида маълумот беришди", - дея қайд этилади хабарда.

Тадбир Ўзбекистоннинг тарихий мероси ва илм-фанини тақдим этиш, шунингдек, Гарвард университети битирувчилари ўртасида маданий-гуманитар салоҳиятни ошириш ва республика сайёҳлик брендини, ўзбек-америка маданий ва иқтисодий алоқаларини оммалаштириш имконини бераётгани таъкидланди.

Малумот учун: Гарвард университети дунёнинг энг яхши университетлари орасида 3-ўринни эгаллайди. Гарвард битирувчиларидан 8 таси АҚШ президенти, 30 дан кўпроғи хорижий давлатлар раҳбарлари, 160 га яқини Нобел лауреатлари, шунингдек, йирик ишбилармонлар ҳисобланади.

 

Сурат манбаи: uz.usembassy.gov

Янгилик билан ўртоқлашиш: