АҚШлик мутахассислар Тошкентда осори-атиқаларни сақлаш тажрибаси билан ўртоқлашмоқдалар

Дата: 16:00, 08-09-2018.

Тошкент. 8 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон тарихи давлат музейи Чикаго университети қошидаги Шарқшунослик институти билан ҳамкорликда ҳамда АҚШ Давлат департаменти кўмагида Марказий Осиёлик осори-атиқаларини асраб-авайлаш бўйича мутахассислар учун икки ҳафталик интенсив семинар ўтказмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасидан хабар беришларича, семинарнинг очилишида унинг иштирокчиларини Давлат музейи директори Жаннат Исмоилова ва директор ўринбосари Отабек Орифжоновлар қутладилар.

Иштирокчилар орасида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон миллий музейларидан келган мутахассислар, шунингдек, Самарқанддаги Афросиёб музейи, Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи, Термез археология музейи ва Ўзбекистон Маданият вазирлиги маданий меросни муҳофаза қилиш бўлими вакиллари бор.

Семинарни АҚШдаги Марказий Осиё маданий меросини ўрганувчи етакчи муассаса саналган Чикаго университети қошидаги Шарқшунослик институти ходимлари, профессорлар Гил Стейн ва Фабио Коломболар олиб боришмоқда.

Семинар лой ва металл буюмларни қайта ишлашга оид халқаро андоза ва усуллар ҳамда Марказий Осиё республикалари музейларидаги экспонатларнинг катта қисмини ташкил этувчи девор суратлари ва бошқа осори-атиқалар каби мавзуларни ўз ичига олган.

Эслатиб ўтамизки, семинар 3 сентябр куни бошланган, кейинги бу каби тадбирлар 2019-2020 йилларга мўлжалланган.

Сурат манбаи: https://novotours.uz/about-uzbekistan/uzbekistan_cities/tashkent/muzei-tashkenta/muzej-istorii-uzbekistana.html/

Янгилик билан ўртоқлашиш: