АҚШнинг Атлантика кенгаши Ўзбекистоннинг ташаббусларини қўллаб-қувватлайди

Дата: 09:53, 17-05-2018.

Тошкент. 17 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи арафасида Қўшма Штатларнинг таниқли таҳлилий маркази – Атлантика Кенгашида (Atlantic Council of US) Ўзбекистон делегацияси аъзолари билан ишчи учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида ўзининг Фэйсбук саҳифасида Халқаро пресс-клуб (Ўзбекистон) раҳбари маълумот берди.

Тадбирга Евроосиё маркази директори, АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Хербст модераторлик қилди. Ўзбекистон томонидан С.Сафоев, депутат А. Саидов, Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили, элчи И.Эргашев, Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги ХТАТМ директори Э.Ариповлар спикер сифатида қатнашдилар.

Америка томонидан президент Дональд Трампнинг ёрдамчиси ўринбосари, Америка Қўшма Штатлари Миллий Хавфсизлик Кенгашининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича катта директори ва Марказий Осиё тадқиқотлар институти раиси Лиза Кертис нотиқ сифатида иштирок этди.

Учрашув давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз кетди. Шу муносабат билан Америка тарафидан муҳим баёнотлар берилди.

Хусусан, “Ўзбекистондаги ислоҳотлар АҚШ томонидан қўллаб-қувватланади ва қутланади”, “Ўзбекистон Афғонистон можаросини ҳал қилиш ва глобал хавфсизликни таъминлашда муҳим рол ўйнайди”, “Ўзбекистон – АҚШнинг халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашдаги муҳим ҳамкори”, “Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар жалб қилиш ва бизнес ривожлантиришга ҳаракат қилади”, “ушбу ташриф $4-5 миллиардлик шартномалар имзолашга имкон беради”, “Вашингтон Тошкентни БСТга киришда қўллаб-қувватлайди, бу эса капитал ва инвестициялар оқимини кўпайтириш имконини беради”, кабилар эътироф этилди.

Сурат манбаи: https://ria.ru/world/20140923/1025312022.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: