АҚШнинг Гулнора Каримовага нисбатан санкциялари яна бир йилга чўзилди
Тошкент. 19 декабр. ЎзТАГ – АҚШ Гулнора Каримовага нисбатан санкцияларни яна бир йилга чўзди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу АҚШ президенти Дональд Трамп 2017 йил декабридаги Россия бош прокурорининг ўғли Артём Чайка ва Ўзбекистоннинг биринчи президентининг қизи Гулнора Каримовага нисбатан санкциялар жорий этилган фармоннинг амал қилиш муддатини бир йилга узайтирганидан сўнг содир бўлди.
“13818- ижроя фармонида қайд этилган ва инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ва коррупция билан боғлиқ фавқулодда ҳолат режими яна бир йилга узайтирилсин”, - дейилади Оқ уй томонидан тарқатилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Трамп 2017 йил 21 декабрда Артём Чайка, Гулнора Каримова ва Украинанинг “Беркут” махсус бўлинмаси собиқ қўмондони Сергей Кусюкларга нисбатан молия санкциялари ва виза чекловлари жорий этилгани ҳақида эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, бу чоралар глобал Магнитский акти доирасида жорий этилиб, унинг доирасига 13 шахс ва улар билан боғлиқ 39 корхона кирган.
Глобал Магнитский актига кўра, президент “судсиз ўлдириш, қийноққа солиш ёки бошқа халқаро миқёсда эътироф этилган инсон ҳуқуқлари бузилишида айбдор бўлган” ҳар қандай чет эл фуқаросига нисбатан санкциялар жорий қилиши мумкин. Бундан ташқари, “ноқонуний фаолиятни амалга ошираётган” мансабдор шахслар санкцияга тушади. Қонун олти йилга мўлжалланган, аммо бу вақт давомида қўлланиладиган чекловлар муддатсиз характерга эга ва фақатгина АҚШ президентининг қарори билан бекор қилиниши мумкин.
Сурат манбаи: https://nezermedia.az