АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Қашқадарё вилоятидаги силга қарши диспансерга ташриф буюрди

Дата: 22:24, 28-03-2017.

Тошкент. 28 март. ЎзТАГ – АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен Қашқадарё вилоятидаги силга қарши диспансерга ташриф буюрди. Ташриф 24 март куни нишонланадиган Бутунжаҳон силга қарши кураш кунига бағишланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

АҚШ ёрдам дастурлари орқали Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (БССТ) сил касаллигига барҳам бериш стратегиясини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ишламоқда.

БССТ маълумотига кўра, дунё бўйлаб 10 млн атрофида одам сил касаллигидан азият чекади. Сил касаллигининг олдини олиш имкони ҳамда давоси бор бўлса-да, ҳар йили 2 млнга яқин одам ушбу касаллик туфайли оламдан ўтади.

Мутахассиларнинг фикрига кўра, ушбу касалликнинг олдини олиш ҳамда даволаш ҳақида аҳоли ўртасида етарли маълумот йўқлиги сил касаллигининг тарқалиб кетишини асосий сабабидан бирига айланмоқда.

Делегация вакилларини Қашқадарё вилоят сил касалликлари диспансери бош шифокори Тўлқин Ашуров қабул қилди.

3 млн аҳолига хизмат кўрсатиб келаётган ушбу диспансерга USAIDга қарашли силни назорат қилиш дастури орқали техник ёрдам топширилди. 2015 йилдан буён бу дастур Ўзбекистоннинг тўрт вилоятида сил касаллиги тарқалишини бартараф этиб келмоқда.

Ташриф давомида АҚШ элчиси диспансер шифокорлари, ҳамширалари, Сил касаллигига чалинган беморлар мактаби ҳамда беморларни қўллаб-қувватлаш гуруҳи ходимлари билан учрашди. Элчи хоним, шунингдек, USAID томонидан беморлар ва уларнинг яқинларини қўллаб-қувватлаш борасида уюштирилган машғулотларда малака оширган жамоа етакчилари билан ҳам суҳбатлашди.

Памела Спратлен USAID дастури томонидан ўқитилган журналистлар билан ҳам учрашдию Журналистлар элчига аҳолига сил ҳақида маълумот беришда ОАВ ролини кучайтириш ҳақида сўзлаб бердилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: