АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси ҳафвсизлик масалаларига эътибор қаратади, Самарқанд, Бухоро ва Хивага ташриф буюриб, ўзбек тилини ўрганади

Дата: 15:11, 09-02-2015.

Тошкент. 9 феврал. ЎзТАГ – АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси Памела Спратлен ҳафвсизлик масалаларига эътибор қаратади, Самарқанд, Бухоро ва Хивага ташриф буюриб, ўзбек тилини ўрганади, деб хабар қилади 12news.uz.

Америка дипломатик ваколатхонаси раҳбари ушбу баёнотларни яқинда бўлиб ўтган маҳаллий журналистлар билан учрашув – “прессгап” пайтида айтиб ўтган.

Ўзбекистон расмийларига нохуш бўлган қайси мавзуларни муҳокама қилишни режалаштираётганлиги ҳақидаги саволга жавоб бера туриб, Спратлен хоним, хусусан, қуйидагиларни таъкидлаган: “Биз турлича мамлакатлармиз. Дунёга ҳам турлича қараймиз. Лекин ҳар икки мамлакат муносабатларимизни биртўкис, барқарор ривожлантиришни истайди. Ҳар йили ўтказилаётган иккитомонлама маслаҳатлашувлар томонлар кенг кўламдаги масалаларни муҳокама қилиши мумкинлигини кўрсатди”.

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларига биринчи бўлиб боришни исташи ҳақидаги саволга элчи Самарқанд, Бухоро ва Хива каби таниқли шаҳарларга ташриф буюришини маълум қилди.

Америкалик дипломат Афғонистондаги вазиятга доир саволга ҳам жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ушбу мамлакатдаги туриш шаклини ўзгартирган. Лекин Афғонистон билан ҳавфсизликни таъминлаш, барқарорлик ва фаровонлик соҳаларида ҳамкорликни давом эттиради. Шунингдек, элчи Ўзбекистоннинг Афғонистондаги барқарорликни таъминлашдаги катта ролини ҳам таъкидлади.

Памела Спратлен бошқа кўплаб саволларга ҳам жавоб берди. Маълум бўлишича, элчи хоним ҳозирданоқ ўзбек тилини ўрганишга киришган, ҳамкасби Жорж Кролл каби атроф муҳит масаласига ҳам эътибор қаратади, деб ёзади агентлик.

Янгилик билан ўртоқлашиш: