Абдулазиз Камилов 2017 йил Покистон билан “иккитомонлама муносабатларнинг ривожига сезиларли ҳисса қўшиши”га ишонади

Дата: 14:42, 11-05-2017.

Тошкент. 11 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 2017 йил Покистон билан “иккитомонлама муносабатларнинг ривожига сезиларли ҳисса қўшиши”га ишонади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбек ташқи сиёсий муассасаси раҳбари ушбу фикрни Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг ташқи ишлар бўйича маслаҳатчиси Сартаж Азизга ёзган мактубида баён қилди.

“Ўзбекистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлиши муносабати билан Сизга самимий табрикларимни йўллашдан бағоят мамнунман. Ўтган 25 йиллик давр ичида икки мамлакат ўртасида азалий тарихий ва маданий яқинликка, тенглик ва биродарликка асосланган кенг миқёсли ва изчил ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганини алоҳида қайд этмоқчиман”, - дейилади хатда.

Сўнгги вақтда бўлиб ўтган иккитомонлама делегациялар алмашуви ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорлигимиз истиқболларини белгилаб олишда муҳим қадам бўлди. “Ишончим комилки, жорий йилда мамлакатларимиз ўртасида ўтказилиши мўлжалланган тадбирлар алоқаларимиз ривожига катта ҳисса қўшади. Ушбу фурсатдан фойдаланиб, Сизга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, масъулиятли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман”, - дея якунлади Камилов мактубида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: